(+99879) 224-01-21 Maktab ma`muriyati
» » » БОЛАЖОНЛАР ЯЙРАЙДИ БУНДА

БОЛАЖОНЛАР ЯЙРАЙДИ БУНДА

  • 19-05-2014, 18:39
  • rustam
  •  
  • 1093
  •  
  •  
Ўзбекистонда оилалар, шунинг баробарида бахтиёр авлодга чексиз ғамхўрлик ва эътиборнинг ёрқин ифодаси сифатида амалга оширилаётган бунёдкорликларни бугун бутун дунё тан олмоқда. Қолаверса, 2014 йилнинг мамлакатимизда "Соғлом бола йили” деб эътироф этилганлиги ва шу муносабат билан Давлат дастури қабул қилиниб, улкан миқёсдаги эзгу ишларга қўл урилаётганлиги ҳам шундан далолатдир.
Боғнинг жанубий қисмидаги 17 гектар ҳудуд бугун улкан қурилиш майдонига айланган. Эътиборли жиҳати шундаки, маданий ҳордиқ масканини замонавий асосда, халқаро андозалар даражасида қайта қуриш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш навоийликларнинг кўнгилли равишдаги улкан ҳашарига айланиб кетди. "Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган бунёдкорликда бош пудратчи – "Қизилтепа капитал қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчиларидан ташқари, ҳар куни минг нафар атрофидаги ҳамшаҳарларимиз, корхона, ташкилот ва муассасалар вакиллари сидқидилдан меҳнат қилишаяпти. Уларнинг қай бири билан суҳбатлашмайлик, яқин орада шаҳарнинг янада файзли, обод, болажонларнинг эса кўнгиллари шод бўлишига ўз ҳиссалари қўшилаётганлигидан мамнунлигини яширишмади.
– Боғни қайта қуриш ҳашаридан илм даргоҳимиз жамоаси ҳам четда қолмаяпти, – дейди Навоий давлат педагогика институти касаба уюшмаси раиси Нормурод Бекмуродов. – Улар ўзлари учун ажратилган ҳудудда белгиланган ишларни жадал суръатда, юқори сифатда уддалашаяпти. Яқин кунлар ичида бу маскан кўркамлик, гўзаллик ва файзга бурканишини тасаввур этишнинг ўзи мароқли. Айниқса, болажонларга бахш этиладиган қувончни ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. 
Қурилишда Конимех туманидан келган ҳашарчилар ҳам фаол иштирок этишмоқда. Уларни суҳбатга тортдик. 
– Туман ободонлаштириш бошқармасида ишлаймиз, – дейишди боғ йўлакларининг муайян қисмида декоратив брусчаткаларни бетон қоришма устидан дид билан териб чиқаётган, ўзларини Нурлан Тиллаев ҳамда Алишер Рўзиев, дея таништирган йигитлар. – Вилоятимиз маркази қанчалик гўзаллашса, шунча яхши. Гўзаллик эса ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Уни яратиш учун ҳамжиҳатликда, қўлни-қўлга бериб ишлаш керак. Биз нафақат болалар, балки катталар учун ҳам хуш кайфият улашувчи гўзаллик ва ҳордиқ масканини барпо этишда қатнашаётганлигимиздан фахрланамиз. 
Бунёдкорлик ҳудуди билан танишар эканмиз, оромгоҳнинг қайта қурилганидан кейинги манзараси кўз ўнгимизда гавдалангандек бўлди. 
– Капитал реконструкция қилиш ишлари "Навоий шаҳарсозлик лойиҳалаш институти” масъулияти чекланган жамияти томонидан тайёрланган, умумий смета қиймати 10 миллиард 570 миллион сўмлик лойиҳа асосида амалга оширилмоқда, – дейди маданият ва истироҳат боғи директори Баҳодир Ражабов. – Ундан хорижда буюртма асосида ишлаб чиқарилаётган 14 турдаги болалар учун, оилавий фойдаланишга мўлжалланган ва экстремал йўналишдаги аттракционлар, иккита мусиқий фаввора, уларнинг атрофида музқаймоқ кафелари, шунингдек, миллий санъат ва спорт ўйинлари учун саҳналар, сунъий қопламали футбол майдончалари, шинам суҳбатхоналар ва бошқа кўплаб маданий-маиший объектлар қурилиши, кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ўрин олган. 
Боғ раҳбари билан суҳбатимиздан маълум бўлишича, капитал қайта қуриш ишлари икки босқичдан иборат бўлиб, унинг биринчи босқичи, асосан, қурилиш ва ободонлаштириш юмушлари Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни – 1 июнгача тугалланади. Иккинчи босқичи эса мустақиллик байрами арафасида ниҳоясига етказилади. 
Биз бу ерда режадаги ишларнинг аксарияти қисқа муддатларда якунланиб бораётганлигининг гувоҳи бўлдик. Жумладан, "Қизилқумцемент” ОАЖ томонидан иккита сунъий қопламали футбол майдончалари фойдаланишга топширилди. Вилоят электр тармоқлари корхонаси томонидан трансформатор подстанцияси ўрнатиб бўлинди. Бундай корхона ва ташкилотларни кўплаб келтириш мумкин. 
Боғда бажарилаётган хайрли ишлар, ўзгаришлардан шаҳар аҳли, айниқса, ёш оилалар беҳад хурсанд. 
– Ҳар куни кечки пайт боғчадан қайтган ўғилчамиз Беҳруз билан шаҳримиз боғида сайр қилишга одатланганмиз, – дейди вилоят марказининг 7-даҳасида яшовчи ёш мутахассис ва оила бекаси Элеонора Темирова. – Бугунги кунда боғ қайта қурилиб, янада кўркамлаштирилаётганлиги, унда болалар учун ўнлаб миллиард сўмлик замонавий аттракционлар ўрнатилиши биз қатори минглаб ҳамшаҳарларимизни чексиз қувонтирди. Фарзандларимиз учун давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлардан чексиз миннатдормиз ва бу келгусида ўз мевасини беришига ишонамиз.
Ҳамшаҳримизнинг фикрларига биз ҳам тўлиқ қўшилдик.
Шундай болажон юртда, Ватанда яшаётганлигимиздан қалбу вужудимиз фахру ифтихор туйғуларига тўлди.

Maqolada xatoni uchratgan bo'lsangiz, unda xato matnni belgilab, CTRL + ENTER klavishasini bosing.




MAXSUS IMKONIYATLAR

Ko`rinish

A
A
A

Shrift o`lchami

0% ga kattalashtirish